[go: up one dir, main page]

Jump to content

Помпей Трог

From Vikipediya
Помпей Трог
Таваллуди Милоддан аввалги И аср
Вафоти Милодий И аср
Фуқаролиги Қадимги Рим империяси
Касби Тарихчи

Гней Помпей Трог (лотинча Гнаэус Помпеиус Трогус) (милоддан аввалги И аср — милодий И аср ўрталари) — „Филипп тарихи“ асари билан машҳур бўлган Рим тарихчиси[1]. Асли Галлиядан бўлган Рим тарихчиси Август даврида яшаб ўтган. Помпей Трог юнон манбаларидан, асосан Тимагендан фойдаланган ҳолда Оссурия шоҳи Нин давридан то ўзи яшаб ўтган замонигача бўлган дунё тарихига оид асар ёзган[2].

Келиб чиқиши

[edit | edit source]

Помпей Трог Галлиянинг Нарбон вилоятида яшаб ўтади. Унинг бобоси Сертори жангида жасорат кўрсатганлиги туфайли Гней Помпей томонидан Римнинг фуқаролик ҳуқуқига эга бўлган эди. Унинг амакиси Митридатов жангида Гней Помпей саркардалигидаги отлиқ қўшиннинг бир қисмига бошлиқ қилиб тайинланади. Унинг отаси император Юлий Сезар даврида котиб ва таржимон бўлиб ишлайди[3].

Филипп тарихи

[edit | edit source]

Помпей Трог „Филипп тарихи“ асарини эрамизнинг 7-йилларида ёзди[4]. Ж. Ярдлей ва В. Хеккелнинг ёзишига кўра, 44 китобдан иборат бу асар Оссурия подшоҳлари замонидан то Рим императори Август (милоддин аввалги 63 — милодий 14) давригача дунёда бўлиб ўтган воқеаларни баён қилади, лекин асосий эътибор Юнонистоннинг македониялик Филипп ИИ (милоддан аввалги 359—336) ва Александр Македониялик давридаги ижтимоий-сиёсий тарихини баён этишга қаратилган. 44 китобдан фақат „Пролог“ қисми, яъни Юниус Юстин китобларнинг қисқача мазмуни кўчирмаси сақланиб қолган. „Филипп тарихи“ни ёзишда Помпей Трог Геродот, Ктесий, Полибий, Тимей ва бошқаларнинг асарларидан фойдаланган. [5].
Помпей Трог ҳам, унинг асарини қисқартириб қайта ишлаган Юниус Юстин ҳам ўз асарларини ёзиш учун Птоломей, Аристобул, Каллисфеннинг „Кундалик“ларини ўрганиб чиққан. Александр билан Сўғдиёна ерларига келган Эвмен ва Диодат қўлёзмалари билан яқиндан танишган. „Шоҳ журнали“ ёки „Эфемерида“ деб номланувчи махсус бебаҳо асарни синчиклаб ўрганган. Яна шу давр тасвир этилган ўнлаб тарихий лавҳаларни қизиқиб ўқиган. Помпей Трог ҳам, Юстин ҳам Геродот ижодини билган. Айниқса, Геродотнинг „Тарих“ ёки „Тадқиқот“ асари ҳар иккала тарихчининг диққат марказида турган[6]. „Филипп тарихи“ асарининг аҳамиятли жиҳатларидан бири, асарнинг бирқанча номаълум асарларга суяниб ёзилганлиги, Рим, Юнонистон каби йирик давлатларнинг пайдо бўлиши ва уларнинг тарихини кенг ёритиб берган. Помпей Трог бундай давлатларнинг охири инқирозга юз тутишини айтади. Помпей Трог тарихни ҳаракатга келтирувчи куч урф-одат ва тақдир деб ҳисоблаган. „Филипп тарихи“да скифлар, Бақтрия, Македониялик Александр даврида Бақтрия ва Сўғдда қурилган шаҳар ва катта иншаотлар, Македониялик Александр вафотидан кейин юз берган воқеалар, парфияликларнинг келиб чиқиши, уларнинг урф-одатлари, Парфия подшолигининг ташкил топиши, Бақтрия, Парфия ва Мидиянинг ўзаро муносабатларига оид муҳим маълумотлар мавжуд. Помпей Трогнинг „Филипп тарихи“ асари Юстин (ИИ—ИИИ аср) тарафидан қисқартирилиб қайта ишланган шаклда бизнинг замонимизгача етиб келган ва Рухл томонидан 1935-йили чоп қилинган. Унинг русча таржимаси А. А. Деконский ва М. М. Рижский томонидан „Вестник древней истории“ журналининг 1954-йил 2-4 ва 1955-йил 1-сонларида босилган[7].

Александр юриши ҳақида

[edit | edit source]

Помпей Трог асарида Александрнинг Марказий Осиё юриши ҳақида ҳам маълумот беради: „Александр Гирканияни, мардларни, кейинроқ Кавказ тоғи этакларидаги дранг, эвергет, парет, парапамизад ва бошқа қабилаларни бўйсундирди. Унинг олдига Доро ИИИ нинг дўстларидан бири бўлган Бессни кишанланган ҳолда келтиришади. У Дорога хиёнат қилиб уни ўлдирган эди. Александр бу хиёнатни жазоси сифатида қатл этиш учун уни Доронинг укасига топшираркан, Доро менинг душманим ва бунинг дўсти эди, деган гапларни айтади. Бу ўлкаларда ўз номининг унутилмаслиги учун Танаид (Танаис, Сирдарёнинг юнонча номларидан бири) ёқасида Александрия шаҳрини бунёд этди, 6000 қадам узунлигидаги шаҳарни ўровчи девор ўн етти кун ичида қуриб битказилди ва унга Кир қуриб кетган шаҳарларнинг аҳолиси кўчириб ўтказилди. Бақтрия ва Сўғдиёнада у ўн икки шаҳар қуриб, қўшинидаги нотинч, ғалвали кишиларни ўтроқлаштирди“[8].

Ҳокимлар хусусида

[edit | edit source]

Помпей Трог Александр вафотидан кейин сафдошлари (диадохлар)нинг ҳукмронлик қилган ҳудудлари ҳақида ёзиб, асарида „Бақтриянинг нариги тарафи ила Ҳиндистон ўлкалари аввалги ноибларда қолдирилди. Гидасп билан Инд орасидаги ерлар Таксилга, Парапамиз билан Кавказ тоғларининг чегаралари Оксиартга, Бақтрия чек ташлаш орқали Аминтага, дранг ила арийлар Станазорга, Сўғдиёна Сулсий ва Стагнорга, Парпия (Парфия) Филиппга, Гиркания Фратафернга тегди[9]“, деб ёзади.

Салавкийлар давлати асосчиси Салавк ҳақида эса „Салавк шарқда кўп урушлар олиб борди; биринчидан Бобилни олди, сўнг ғалабадан кучини кўпайтиргач, Бақтрияни эгаллади-да, Ҳиндистонга юрди. Александрдан сўнг бу ерда озодликка (давлатга) асос солган Сандракот ҳоким эди. Салавк у билан шартнома тузди ва Шарқда ишларини бир ёқлик қилиб, Антигонга қарши яна уруш бошлади[10]“, деб маълумот беради.

Скифлар ҳақида

[edit | edit source]

Помпей Трог скифларни дунёдаги энг қадимий халқлардан бири, деб ҳисоблайди (қадимийликда улар мисрликлар билан баҳслашадилар, деган машҳур ибора ҳам унга тегишли). „Скиф" атамаси халқнинг аниқ номи эмас, балки уларнинг турмушини сифатловчи маънони англатган. Юнон муаррихларининг маълумотларига қараганда, скифлар қадимда Ғарбда Днепр дарёсидан тортиб, Шарқда Тян-Шан тоғларигача чўзилган дашт ва саҳроларда яшаган. Уларнинг қабилалари массагет, дах, сак (шак) ва дербик каби номлар билан аталган[11].

Парфия ва парфияликлар ҳақида

[edit | edit source]

Римлик Помпей Трог „Филипп тарихи“ асарида Рим империясининг асосий рақибларидан бири бўлган Парфия давлати, унинг аҳолиси бўлган парфияликлар, ҳамда уларга қўшни бўлган скиф(сак)лар хусусида ҳам қуйидагича маълумот бериб ўтган: „Ҳозирги кунда бутун Шарқни эгаллаган парпилар (парфияликлар) бир замонлари скифларнинг қувғинди қилинган бир парчаси бўлганлар. Айтишларича, номларининг маъноси ҳам скиф тилида қувғинди деганини билдираркан. Оссурия, Бобил, Мидия даврида номи энг кам танилган эл бўлганлар. Шарқда ҳокимият форсларнинг қўлига ўтганда, ном-нишонсиз бир оломондек ғолибнинг ўлжасига айланганлар. Кейин худди шу аҳволда македонлар қўли остига кирганлар. Бундай элнинг фақат ўз жасоратига суяниб, шундай иқболи барқ урган, ўзини қул қилган кўп халқларни ҳозирда ўзининг қулига айлантирганлари одамларни лол қолдиради. Уч марта улар энг яхши Рим саркардалари ҳужумига учраб, уч карра ҳам тенг келиш у ёқда турсин, римликларни тор-мор қилганлар. Улар шон-шуҳратининг энг чўққиси узоқ юртларга қилган ғолибона ҳарб юришларида эмас, шон-шуҳратда оламга танилган: Оссурия, Мидия, Эрон (Аҳамонийлар давлати) ва 1000 шаҳарлик Бақтрия давлатлариданда юксакка кўтарилганларидадир. Бу давлатлар скифлар билан ҳамиша чегара урушлари олиб борганлари ва бошқа турли хавф-хатарни даф қилиб турганлари учун қўшни Скифияда ҳамиша давом этадиган ўзаро қирғинбарот урушлардан қочган скифлар Гиркания, дай, арий, спарн, Марғиёнанинг бўш ётган чўлларига (Парпия давлатида бўлгани учун) келиб ўрнашаверганлар. Аввалига қўшничилик деб индашмаган. Кейин тўхтатмоқчи бўлганлар. Бироқ улар нафақат бепоён чўлларни, балки тоғ ва адирларни, у ердаги жарликларни-да эгаллаб бўлгандилар. Парпия об-ҳавосида иссиғу, совуқ ўртасидаги тебраниш кучли, тоғларда қор тураверади, бироқ текисликларда азоб берувчи жазирама ҳукмрон бўлади[12]“.

Манбалар

[edit | edit source]
  1. Мадраимов А., Фузаилова Г. Манбашунослик / Дарслик. -Т.: Ўзбекистон файласуфлари миллий жамияти нашриёти, 2008. 126-бет.
  2. Дониёров А. Х. Марказий Осиё халқлари тарихшунослиги / Дарслик. Тошкент: НИФ МСҲ, 2020. 54-бет.
  3. Бойназаров Ф. Қадимги дунё тарихи / Дарслик. Т.: „ИҚТИСОД-МОЛИЙА“, 2006. 150-бет
  4. Бойназаров Ф. Қадимги дунё тарихи / Дарслик. Т.: „ИҚТИСОД-МОЛИЙА“, 2006. 150-бет
  5. Дониёров А. Х. Марказий Осиё халқлари тарихшунослиги / Дарслик. Тошкент: НИФ МСҲ, 2020. 54-55-бетлар.
  6. Бойназаров Ф. Қадимги дунё тарихи / Дарслик. Т.: „ИҚТИСОД-МОЛИЙА“, 2006. 151-152-бетлар.
  7. Мадраимов А., Фузаилова Г. Манбашунослик / Дарслик. -Т.: Ўзбекистон файласуфлари миллий жамияти нашриёти, 2008. 126-бет.
  8. Қадимги тарихчилар Ўрта Осиё ҳақида: Терма парчалар. Таржимон ва тузувчи: Зоҳир Аълам. Т.: „ЙУРИСТ-МЕДИА МАРКАЗИ“, 2008. 115-116-бетлар.
  9. Қадимги тарихчилар Ўрта Осиё ҳақида: Терма парчалар. Таржимон ва тузувчи: Зоҳир Аълам. Т.: „ЙУРИСТ-МЕДИА МАРКАЗИ“, 2008. 126-бет.
  10. Қадимги тарихчилар Ўрта Осиё ҳақида: Терма парчалар. Таржимон ва тузувчи: Зоҳир Аълам. Т.: „ЙУРИСТ-МЕДИА МАРКАЗИ“, 2008. 128-бет.
  11. Дониёров А. Х. Марказий Осиё халқлари тарихшунослиги / Дарслик. Тошкент: НИФ МСҲ, 2020. 55-бет.
  12. Қадимги тарихчилар Ўрта Осиё ҳақида: Терма парчалар. Таржимон ва тузувчи: Зоҳир Аълам. Т.: „ЙУРИСТ-МЕДИА МАРКАЗИ“, 2008. 150-бет.